Воқеалар тақвими

Галерея


Facebook



Самарқанд қоғози – миллий бойликлар хотирасининг қадр-қиммати

Инсониятнинг энг буюк кашфиётларидан бири – Буюк ипак йўли асрлар давомида тасаввурга сиғмас даражада инсоният тамаддунига кескин бурилиш ясади, мислсиз кашфиётларга сабабчи бўлди. У нафақат узоқ манзиллар ва элатларни бир-бирига яқинлаштирди, балки турли ғоя ва маданиятлар ўчоғи ва чорраҳасига айланди. Тарих зарварақларида ўчмас из қолдирди. Ушбу савдо йўлларида Хитой чинни ва шойиси ҳамда ҳинд зираворлари қанчалик шуҳрат қозонган бўлса, мозийнинг яқин минг йиллигига қадар Самарқанд қоғози ҳам Буюк ипак йўлида энг кўп харид қилинадиган ноёб товарга айланди.

751-йилнинг июль ойида Жамбул шаҳри яқинида жойлашган Талас дарёси бўйида (ҳозирги Қирғизистон) Хитой жангчилари Ўрта Осиёга бостириб кирди.

Ўша даврдаги Самарқанд ҳокими Абу Муслим босқинчиларга қарши ўз қўшнини йўллаб, душманни ер билан яксон қилди ва Самарқандга 20 мингдан ортиқ хитойлик аскарларни асир сифатида олиб келди. Ўз ҳаётларини сақлаш ниятида ҳунармандчиликдан хабардор хитойлик асир жангчилар маҳаллий ҳунармандларга қоғоз ишлаб чиқариш сир-синоатларини ўргатдилар. Шу вақтдан бошлаб Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. IX асрга келиб, ушбу тармоқ шаҳар ҳунармандчилигининг энг муҳим жабҳаларидан бирига айланди. Аста-секинлик билан Самарқанд қоғози бутун шарқ ва ғарб бозорларини ҳам эгаллади.

1995 йилда Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида ўтказилган «Тарихий ёдгорликларни сақлаш» мавзуси бўйича ЮНЕСКОнинг халқаро конференциясида асосий эътибор йўқолиб бораётган қадимий халқ ҳунармандчилиги амалий санъатини ривожланишига қаратилди. Тадбирда турли вилоят ва шаҳарлардан иштирок этган уста ҳунармандлар қаторида самарқандлик Зариф Мухторов ҳам оламга донг таратган ва асрлар давомида йўқолиб кетган Самарқанд қоғозини ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйиш лойиҳаси билан қатнашди.